8 Апрел 2025 йил 1982

Андижон вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан умумтаълим мактабларида хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида “Оила – маҳалла - мактаб” тамойили асосида мониторинг-ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда

Мониторингдан кўзланган асосий мақсад:

- мактабларда ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш бўйича манзилли дастурларни амалга ошириш, ўқувчилар ўртасида назоратсизликни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан зарурий чораларни белгилаш;

- ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, профилактика инспекторлари томонидан тарбияси оғир ўқувчиларнинг яшаш жойларида уларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари иштирокида тизимли ишларни амалга оширишини йўлга қўйиш;

- ўқувчиларда ватанпарварлик, Ватанга садоқат ҳиссини шакллантириш орқали улар ўртасида салбий ҳолатлар, дайдилик ва тиланчилик каби ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг барвақт олдини олиш;

- мактабларда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга, уларни касбга йўналтиришга, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

- умумтаълим мактаблари педагогик жамоаси ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда дарсларга сабабсиз мунтазам равишда қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаш, бунга таъсир қилувчи омилларни ўрганиш, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётган сабабларни бартараф этиш чораларини кўришдан иборатдир.

Марҳамат ва Асака туманларида ўтказилган мониторинг давомида 2024 йилнинг 1 сентябрь кунидан шу кунга қадар турли сабабларга кўра, Андижон вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган вояга етмаганларнинг ўқиши, хулқ-атвори ва оиласидаги муҳит туман вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар органи вакиллари билан биргаликда ўрганилди, улар билан тарбиявий-профилактик суҳбат ўтказилди, умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари учун уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган давра суҳбати ташкил этилиб, фаол қатнашганлар рағбатлантирилди. Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан умумтаълим мактаби раҳбарияти, ота-оналарга тарбияси оғир болалар билан қандай ишлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Ўзаро фикр алмашилди.

Бу каби тизимли маърифий, профилактик чора-тадбирлар вояга етмаганларни маънан бой ва олийжаноб қилиб тарбиялашда, оила, маҳалла ва мактаб бирлигини, ҳамжиҳатлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech