30 Май 2025 йил 1826

Андижон вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ташаббуси билан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган ўқув-семинари ташкил этилди

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш – нафақат инсонпарварлик тамойили, балки адолатли, барқарор ва фаровон жамият қурилишининг асоси саналади. Ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик болалик даврини издан чиқаради, бахтли болалик имкониятларни чеклайди ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи фундаментал ҳуқуқларни бузади.

Давлатимиз томонидан бола ҳуқуқлари ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-996-сон Қонуни бу борада муҳим аҳамиятга молик ҳодиса бўлди.

Тадбирнинг асосий мавзуси ҳам мазкур долзарб масалага бағишланди. Қонуннинг тўғридан тўғри ва манзилли ижроси ушбу соҳада ваколатли бўлган давлат органлари, масъул мутасаддилар саъй-ҳаракатига боғлиқ. Шу сабабли ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бўйича бошқармасида бўлиб ўтган тадбирга Андижон вилоятининг барча шаҳар-туманларидан бевосита вояга етмаганлар ҳамда оилалар билан ишловчи таълим, ижтимоий соҳа вакиллари, ички ишлар органлари ходимлари ва фаол фуқаролар жалб этилди.  

Тадбир давомида маърузачилар томонидан болалар билан боғлиқ кўплаб фожиалар жамиятдан яширин қолаётганлиги, овози эшитилмай қолаётган ҳар бир боланинг тақдири муҳимлиги, ҳар бир бола хавфсизлик, ҳимоя ва қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ушбу қонун билан жорий этилаётган янги тартиб ва ўзгаришлар, вояга етмаганларга ҳам ҳимоя ордери бериш мумкинлиги, болага нисбатан зўравонлик содир этилганлиги, шаъни ва қадр-қиммати камситилганлиги ҳақидаги хабарлар учун алоҳида ишонч телефони ишга туширилиши, мурожаат қилганларнинг шахси сир сақланиши, шахсга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларни болалар муассасаларида ишлашининг тақиқланиши тўғрисида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишига барқарор ривожланишининг, ижтимоий адолатнинг асосий пойдевори сифатида қаралади.

Жорий йилнинг май ойида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Ушбу қонун – бу зўравонликсиз жамият яратиш йўлидаги дастлабки қадам, холос. Келгусида ҳам бу борадаги ишларнинг иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиб, мустаҳкамлаб борилади.  

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech