Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан 2023-йилнинг 12 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди
Жорий йилнинг 10 январь куни Андижон вилояти ИИБда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси аппарати, туман-шаҳар ИИБ бошлиқларининг хизмат бўйича ўринбосарлари, ҲПБ бошлиқлари, профилактика (катта) инспекторлари, ҲКМБ катта инспекторлари, вояга етмаганлар бўйича инспектор-психологлар иштирокида 2023 йилнинг 12 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлили ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Б.Э.Бердиалиев ҳамда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник И.Б.Исманов иштирокида ўтказилган йиғилишда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар йўналишлар кесимида муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник М.М.Мамиржоновнинг ахбороти эшитилди. Ахборотдан келиб чиқиб, эътибор қаратиш зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, ўтган йил давомида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга сўзсиз амал қилиши, шунингдек, касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси талабларига риоя этишларини таъминлаш борасида амалий ишлар йўл қўйилганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Б.Э.Бердиалиев сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан аҳолининг тинчлигини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратиб келинаётганлиги, маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш борасида ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига юксак ишонч билдирилиб, барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги, профилактика инспекторларини ортиқча юкламалардан озод қилиш, етарли шарт-шароитлар билан таъминлаш ҳамда ўз ҳудудида хавфсиз муҳит яратиш, бевосита маҳаллада ижтимоий профилактика ишларини манзилли амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 100 дан ортиқ Фармон ва Қарорлари, 200 дан ортиқ Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинганлиги, жумладан, республикамизда профилактика инспекторларига 6 554 та хизмат уй-жойлари қуриб берилганлиги, лавозим поғонаси “подполковник” этиб оширилганлиги, узлуксиз 20 йил ишлаганларга “полковник” унвонлари берилиши белгиланганлиги, имтиёзли кредит асосида 7 100 та шахсий автомашиналар берилганлиги, телефон сўзлашувлари бепул қилинганлиги, олий юридик маълумотга эга бўлиш учун Тошкент шаҳрида жойлашган Тошкент Давлат Юридик университети филиалида ҳар йили 100 та ўрин квота асосида ажратилмоқда, “KPI” рейтинг тизими асосида 22 миллиард сўм миқдорида рағбатлантирилганлиги ҳақида сўз юритди.
Йиғилиш якунида хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган ва самарали меҳнат қилган ходимларга вазирлик раҳбариятининг ташаккурномалари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари туман-шаҳар ИИБларда хизмат олиб бораётган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологларга хизмат олиб бориш учун зарурий канцелярия моллари жойлаштирилган хизмат сумкалари тарқатилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати