7 Феврал 2024 йил 1338

Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан Избоскан туманида “Низолашаётган оилалар: муаммолар ва ечимлар” мавзусида  давра суҳбати ўтказилди

Ижтимоий ҳаётда, шахслараро муносабатларда айрим алоҳида низолар, ўзаро келишмовчиликлар бўлиб туриши муқаррар. Одатда низо деб  қарама-қарши йўналган қарашларга нохуш ҳис-кечинмалар билан боғлиқ гуруҳларга ёки шахслараро муносабатлар орқали ифодаланувчи тўқнашувларга айтилади.

Низо натижасидаги салбий ҳолатлар шахснинг ҳиссиёти, хатти-ҳаракатлари, тафаккури ва ҳатто характерида маълум ўзгаришлар содир этади. Бу ўзгаришлар шахснинг хулқ-атворида намоён бўлиб, мазкур субъект  қатнашаётган бошқа вазиятларга ҳам тарқалади ва ўзаро муносабатларнинг кенг соҳаларини эгаллай бошлайди. Масалан, қўрқув ва хавф муҳитида тарбияланган одам кейинчалик худди шу муҳитнинг манбаига айланиши  эҳтимолдан холи эмас. У ҳатто ўз болаларини ҳам шундай муҳитда тарбиялайди ва оилани ҳам ана шу услубда бошқаради.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан Избоскан тумани ИИБ маъмурий  биносида Избоскан туманидаги фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризаси билан мурожаат этган низолашаётган оилалар иштирокида “Низолашаётган  оилалар: муаммолар ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Б.Э.Бердалиев, Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.А.Мўминова, Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суд судьяси Ф.Т.Мирзаев, Избоскан тумани Фуқаролик ҳолати далолатларини ёзиш органи мудираси Ё.М.Комилова, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Д.С.Хотамовалар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида, ички ишлар  органлари ходимлари томонидан низолашаётган  оилалар билан ҳамкорликда олиб борилаётган қатор чора-тадбирларга қарамасдан айнан шу тоифадаги шахслар томонидан оила-турмуш доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилаётганлиги, бу эса жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги ҳақида сўз юритилди.  

Шунингдек, бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича судларга “Никоҳдан  ажратиш”, “Алимент ундириш”,“Алимент миқдорини камайтириш”, “Алимент миқдорини кўпайтириш”, “Оталикка эътироз билдириш”, “Уйга киритиш”, “Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш”, “Ота-оналик ҳуқуқидан  чеклаш”, “Болани қайтариш” ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган оилалар низолашаётган оилалар ҳисобланиши, юқоридаги мазмунда даъво аризалари билан мурожаат қилган оилалар тўғрисида Андижон вилояти бўйича статистик маълумотларни келтириб ўтилди.

Бундан ташқари, низолашаётган оилалар ўртасидаги муаммолар, уларни қонуний ҳал этиш усуллари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар етказилди.

Тадбир сўнггида  мутахассислар фуқароларни қизиқтирган саволларга атрорфлича жавоблар беришди.      

Ўтказилаётган бундай тадбирлар низолашаётган оилаларнинг муаммоларини бартараф этиш ҳамда улар  ўртасида содир этилиши мумкин бўлгануқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.   

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech