Андижон вилоятида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида учрашув-мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–153-сон қарорига мувофиқ ҳар йилнинг ноябрь ойи “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинган.
Мазкур қарор асосида жорий йилнинг 27 октябрь куни Андижон вилояти ҳокимининг “Андижон вилоятида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот тадбирларини ўтказиш тўғрисида”ги тегишли фармойиши ишлаб чиқилиб, шу йилнинг 1 ноябридан 30 ноябрь кунига қадар, вилоятимиз ҳудудида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” кенг қамровли профилактик-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Андижон давлат университетида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар Джабаровлар иштирок этиб, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда интернет ва ахборот майдонида хавфсизликни таъминлаш, ёшлар орасида киберхавфсизлик маданиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида ёшларга ижтимоий тармоқларда онгли фаоллик, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, фейк ахборот ва киберҳужумлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар бердилар. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида вилоят бўйлаб турли учрашувлар, семинарлар, амалий машғулотлар ҳамда ёшларнинг ахборот соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати