25 Январ 2024 йил 1281

Андижон вилоятида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди

Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгашида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловда ҳудудларда жойлашган маҳалла ҳуқуқ тартибот масканларида фуқароларимиз учун яратилган шароитлар уларнинг халққа янада яқинлашиш, унинг дарду ва ташвишларидан доимо хабардор бўлиш ва зарур пайтда фуқароларга ёрдам бериш ҳамда аҳолининг барча муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш борасидаги ташкилий-амалий ишлари комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг фаолиятлари ҳар томонлама ўрганилди.

Танловда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган профилактика инспектори, фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳамда йўл патруль хизмати инспектори каби йўналишларда энг муносиблар сараланди.

Якуний натижаларга кўра Қўрғонтепа тумани ИИБ Турон замин ҳуқуқ-тартибот маскани бошқа ҳуқуқ тартибот масканларига нисбатан энг намуналиси деб топилди. Шунингдек,“Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловида Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра қолган номинациялар бўйича ҳам ғолиблар Аниқланди. Хусусан, “Энг фаол МФЙ раиси” номинацияси ғолиби Андижон шаҳар Баркамол МФЙ раиси Таббасумхон Исроилова деб топилган бўлса, “Энг фаол патруль-пост хизмати инспектори” номинациясида ғолибликка Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Патруль-пост хизмати батальони 3-отряд бўлинма командири сафдор Бегзод Собиров муносиб кўрилди.

Шунингдек, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор” номинациясида ғолиблик Андижон тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори капитан Ситора Маматякубовага насиб этди.

Бундан ташқари, “Энг фаол хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”,“Энг фаол ёшлар етакчиси”,“Энг фаол пробация тизими инспектори”,“Энг фаол вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Кўрик танловда ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Эндиликда ҳар бир йўналишда ғолиб бўлган иштирокчилар республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

  

Text to speech