Андижон вилоятида ўтказиладиган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги - “Cyber-month” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди
Андижон вилоятида 1 июлдан 30 июлга қадар “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги – “Cyber-month” комплекс тарғибот тадбири бошланди. Шу муносабат билан Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида матбуот ва ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходими Алишер Гиясов, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов, Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик маркази масъул ходими майор Умиджон Хамрақуловлар мазкур ойликнинг мақсад ва вазифалари, режаланган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар беришди.
Шунингдек, Андижон вилоятида кибержиноятларни олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик маркази, вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш ҳамда инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда барча ишчи-хизматчилар, ёшлар билан ҳамкорликда 3 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олиш режалаштирилганлиги бўйича ҳам маълумотлар етказилди.
Бундан ташқари, жойларда мобил тарғиботлар билан бирга “Энг фаол маҳалла”, “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман”, “Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг”, “Энг яхши миллий контент” каби йўналишларда танловлар, IT соҳасида онлайн олимпиадалар, кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича ўқув курслари, секторлар раҳбарларининг фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилганлиги айтиб ўтилди.
Матбуот анжуманида кибержиноятчиларнинг алдовига ишониб жабрланланган фуқаролар ўз кечмишларини баён этишди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоблар олишди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати