Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси ташаббуси билан ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада ошириш ҳамда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди
Шаҳрихон туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари билан ўтказилган давра суҳбатида бугунги кунда мамлакатимизда ёш-авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган катта эътибор ва кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтараётган кўплаб ёшлар ҳақида аниқ мисоллар келтириб ўтилди. Албатта ёшларнинг таълим, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда қўлга киритаётган бу каби ютуқлари барча ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада ошишига хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Ўз навбатида яратиб берилаётган имкониятларни тўғри англамасдан, одам ақлига сиғдира олмайдиган жиноятларни содир этаётган айрим ёшларнинг қилмишлари ҳамда турли ёт иллатлар таъсирига тушиб қолиб, тўқликка-шўхлик қилаётганларнинг аччиқ қисматлари ҳақида аниқ мисоллар орқали ўқувчиларга маълумотлар етказилиб, улар огоҳлик ва ҳушёрликка чақирилдилар.
Бир сўз билан айтганда ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топишларига кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида жиноятчиликни барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилган тарғибот тадбири уларда катта таассурот қолдирди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати