4 Сентябр 2025 йил 988

Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 24 август куни Избоскан туманининг Тараққиёт маҳалласида содир этилган оғир турдаги жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жамиятдаги ижтимоий-руҳий муҳитга таъсири ҳамда профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаров бошчилигида танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган муҳокамада жиноят содир бўлишига олиб келган омиллар, жамиятдаги беэътиборлик, профилактик тадбирлар самарасизлиги ва муайян мутасадди органлар фаолиятидаги камчиликлар аниқ фактлар асосида танқидий кўриб чиқилди.

Муҳокама давомида жиноятнинг олдини олиш имкони бўлгани, лекин масалага масъул шахслар ўз вақтида зарур чораларни кўрмагани кескин танқид остига олиниб, “маҳалла еттилиги” аъзолари ва бошқа масъуллар томонидан ушбу содир этилган аянчли ҳолатдан ўзларига етарлича хулоса чиқарган ҳолда келгусида бундай жиноятларга йўл қўймаслик борасидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шунингдек, ўтказилган муҳокамада бугунги кунда кенг тус олаётган кибержиноятчилик ва унинг турлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.  Бугунги кунда фуқароларнинг ушбу турдаги жиноятлар қурбонига айланиб қолишларида аксарият ҳолларда уларнинг ишонувчанлиги сабаб бўлаётганлиги кескин танқид остига олиниб, барча огоҳликка чақирилди. 

Шу билан биргаликда, ота-оналар фарзандларини ёнида тиғли буюмлар олиб юришига йўл қўймаслиги, бунинг оқибати аянчли якун топиши мумкинлиги ҳаётий воқеликлар ёрдамида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, маҳалла вакиллари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга оид билдирилган масалалар ҳам тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора- тадбирлар белгиланди.

Тадбир якунида барча мутасаддиларга жиноят содир этилишини олдини олиш га қаратилган аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech