Андижонда 5 та муҳим ташаббус ижроси таъминланмоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида белгиланган чора-тадбирлар ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ушбу йўналишдаги тегишли буйруқ ва дастурларидан келиб чиқиб, Андижон вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ёшлар орасида хуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўзлари таҳсил олган мактабларда амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ходимлари майор Нўъмонов Хурсанбек , капитан Мадумаров Элёрбек ҳамда катта лейтенант Абдуллаев Ихтиёрлар ўзлари таҳсил олган умумтаълим мактабларида тадбирлар уюштирдилар.
Ўқувчиларни билим олишга, турли хил тўгаракларга, фан олимпиадаларига қатнашишга жалб қилиниб, бешта муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳияти ва мақсади тушунтирилди. Шу билан бирга, ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирганлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартиблари ва белгиланган меъёрлар ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.
Дунёда китобдан катта бойлик, китобдан бошқа нажот йўқ. Китоб билан дўст тутинган инсон яхшиликка, эзгуликка ошно бўлади. Айни шу эзгу ниятда ўзи ўқиган мактабларнинг кутубхоналарига китоблар совға қилдилар.
Тадбир сўнггида ички ишлар бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари томонидан ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси ҳамда хизмат фаолияти билан боғлиқ кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати