13 Октябр 2020 йил 957

“Андижонда ёпиб юборилган шармандали ҳолат” сарлавҳаси билан тарқалган видеомурожаат юзасидан расмий муносабат

2020 йил 11 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Андижонда ёпиб юборилган шармандали ҳолат” сарлавҳаси билан видеомурожаат тарқалди. Ушбу видеомурожаатда  ўқувчилар ўртасидаги бесоқолбозлик жинояти беркитилаётганлиги хақида сўз юритилган. Мазкур видеомурожаатда акс этган ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, фуқаро Г.М ўзининг оғзаки равишда йўллаган мурожаатида, 2020 йилнинг баҳор ойларида Андижон шахар ХТБга қарашли 15-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчилари С.Ҳ, С.М, Р.Ж ва Ю.Н.лар “клей” ҳидлашиб, гиёҳвандлик ҳамда бошқа психотроп моддаларни истеъмол қилишиб, бесоқолбозлик қилганликларини ва бу аҳлоқсизликларга  ҳамда назоратни амалга оширмаган мактабнинг масъул раҳбарларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Фуқаро Г.М.нинг оғзаки аризаси Андижон шаҳар бўйича ИИО ФМБ навбатчилик қисмининг 21.06.2020 йил куни №384-сон билан рўйхатдан ўтказилиб, Андижон шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган.

Терговга қадар текширув давомида, 15-сонли умумтаълим мактабининг юқорида санаб ўтилган ўқувчиларининг ота-онаси иштирокида улардан ҳолат юзасидан тушунтириш ҳатлари олинган. Улар бундай ҳолатлар бўлмаганлигини маълум қилишган.

Бундан ташқари 9-синф ўқувчиларига 22.06.2020 йил куни суд-тиббий ҳамда норкологик экспертизалари тайинланиб ўтказилган.

02.07.2020 йил куни суд-тиббий экспертиза хулосалари олиниб, иш ҳужжатларига қўшилган. Экспертиза хулосаларида яъни, “орқа пешовида жароҳати топилмади, уни оғиз бўшлиғи, орқа пешовидан олинган тампонларда сперматозоидлар топилмади” деб хулоса берилган.

Суд-наркологик экспертизаси хулосасига кўра “гиёхвандлик касаллиги билан оғримайди, ва у мажбурий даволанишга мухтож эмас” деб хулоса берилган.

Фуқаро Г.М.нинг ўз ариза ва кўрсатувларида мактаб ўқувчиларининг  гиёҳвандлик ҳамда бошқа психотроп моддаларни истеъмол қилишиб,  бесоқолбозлик қилганликлари баён қилинган бўлсада, ушбу  ҳолат бўйича ўтказилган суд-тиббий, суд-наркологик экспертиза хулосалари ҳамда бошқа терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топмаган.

 Шунга кўра фуқаро Г.М.нинг оғзаки аризасида кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаганлиги сабабли, 21.07.2020 йил куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этиш қарори қабул қилинган.

 

 Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати  

Text to speech