Андижонда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги доирасида ҳамкорликдаги профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан жорий йилнинг 1 февраль кунидан 1 март кунига қадар республикамизда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги деб эълон қилинди.
Шунга асосан ИИВ Жиноят Қидирув Бош бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш минтақавий комиссияси, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, Андижон вилоят Психоневрология диспансери, Андижон вилоят “ОИТСга қарши курашиш” маркази масъул ходимлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, 1 феврал кунидан 1 март кунига қадар вилоят ҳудудида “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда бу турдаги профилактик ишларни келгусида ҳам бардавом бўлишлиги бўйича самарали ишлар ташкил қилинмоқда.
Хусусан, шу йилнинг 02 февраль куни Андижон Машинасозлик институти, Ибн Сино номидаги Тиббиёт техникуми, Андижон шаҳридаги 45605-сонли ҳарбий қисмларда "Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларини тарқатилишига қарши курашиш" мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, ўқувчи-ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида “Ўзини йўқотганлар” ва “Биз ОИТСга қаршимиз” номли видеофильмлар намойиш этилиб, ички ишлар органлари ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган 520 та махсус тарқатмалар иштирокчиларга тарқатилди.
Бундан ташқари, жойлардаги ҳокимликлар, манфаатдор идора ва ташкилотлар вакиллари билан "Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларини тарқатилишига қарши курашиш" профилактик-огоҳлантирув ишлари олиб борилишига қарамасдан, шу куннинг ўзида вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда ДХХ масъул ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Асака ва Бўз туманларида ноқонуний гиёҳванд моддаларининг олди-соттиси билан шуғулланиб келаётган бир нечта фуқаролар аниқланди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айб эълон қилинди.
Андижон вилояти ҳудудида “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги доирасида ишлаб чиқилган режа асосидаги самарали ишлар жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати