Андижонда ИИВ ЙҲХББ бошлиғи иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтиришга қаратилган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди
Андижон вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш, бу йўналишда қўшимча тажриба лойиҳаларини белгилаш ва амалга ошириш юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник О.Ч.Саидов сўзга чиқиб, бугунги кунда транспорт воситаларининг сони ортиб бораётганлигидан келиб чиққан ҳолда соҳага инновацион технологияларни жалб этиш масаласига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги, тизим раҳбарларининг қўл остида ходимлар устидан назоратни сусайтирганлиги, тарғибот ва ташвиқот ишларининг таъсирчанлиги етишмаётганлиги каби омиллар вилоятда сўнгги кунларда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишида асосий сабаб эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек,вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишда эскича иш услубларидан воз кечиш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ҳамда транспорт ва йўл ҳаракати иштирокчиларини тартибга солиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чет эл мамлакатларида синалган халқаро тажрибаларни амалиётга қўллаш бўйича ҳам атрофлича сўз юритилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, йўл-патруль инспекторларининг фуқаролар билан доимий равишда хушмуомалада бўлишлари, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, ўз вақтида бажаришлари, умуман олганда “Ватанга ва халққа хизмат қилиш – энг олий бурч” концептуал ғояси асосида фаолият олиб боришлари зарурлигига алоҳида урғу қаратилди.
Йиғилишда вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, унинг ўринбосарлари ҳамда бир қатор мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Йиғилиш якунида Бош бошқарма бошлиғи томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати