Андижонда кучли таъсир этувчи дори воситаларини ноқонуний йўллар билан сотишни мақсад қилганлар қўлга олинди
Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ва тегишли соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида ўзини шубҳали тутган Андижон шаҳрида яшовчи Ю.Ў.нинг ёни кўздан кечирилганида 17 дона “Регапен”, 18 дона “Лирика”, 2 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир этувчи ва 74 дона “Азалептол”, 30 дона “Аминазин”, 4 дона “Аликапс” ва 25 дона “Мифепристон” номли турли-хил дори воситалари борлиги аниқланди. Шунингдек, тадбир давомида Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Р.Н.нинг ёни кўздан кечирилганида эса 10 дона “Лирика”, 12 дона “Регапен”, 3 дона елим идишда “Тропикамид” номли кучли таъсир этувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ўтказилган суриштирувлар давомида юқоридаги фуқаролар кучли таъсир этувчи дори воситаларини ноқонуний йўллар билан сотишни мақсад қилиб қўйганлиги аён бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати