Андижонда таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар бўлган, шунингдек кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда
Ички ишлар вазирининг 2021 йил 29 октябрь кунги тегишли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябридан 30 ноябрига қадар, манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар бўлган, шунингдек кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тезкор-профилактик тадбири ўтказилиши белгиланди.
Ушбу фармойиш ижросини таъминлаш мақсадда Андижон вилоятида Ички ишлар вазирлигининг ташаббуси билан бу борадаги жиноятларни олдини олиш мақсадида манфаатдор идора ва ташкилотлар масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу ойлик давомида бажарилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди. Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув тезкор ходимларининг интеллектуал салоҳиятларини ошириш бўйича ўқув семинари ўтказилди. Унда жиноятларни фош этишда замонавий технология воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмалар берилди.
Тадбир давомида барча зарур куч воситаларни жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимининг махсус итлари хизмат олиб боришлиги бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Машғулотларни ўтказилишидан асосий мақсад хизмат итларининг психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ бўлган жиноятларни фош этишда уларнинг фаоллиги ва кўникмаларини янада оширишдир.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Андижон шаҳрида тунги вақтларда бу борадаги жиноятларни олдини олишга қаратилган барча тегишли хизматлардан иборат ходимларга тунги йўриқнома ўтказилиб, ушбу турдаги жиноятларни аниқлашда тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида назорат остидаги дори воситаларни ташиш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни аниқлаш юзасидан барча куч воситаларни жалб қилган ҳолда жами 4 та кўчма ҳаракатланувчи постлар ташкил этилди.
Шу билан бирга таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари бўлган дори воситаларини истеъмол қилиниши ва ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар ва уларнинг оқибатлари юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик институти ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги институтларининг талаба ёшлари ўртасида профилактик огоҳлантирув тадбирлари ўтказилди.
Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 1 ноябрь куни Андижон шаҳар Мангулик кўчаси ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Т.С холис харидорга 240 000 сўм эвазига 30 дона “Циклодол” психотроп дори воситасини сотаётганда ушланди. Шунингдек, ушбу фуқаронинг ёнида 10 дона “Сибазон”, 40 дона “Фенобарбитал” психотроп дори воситалари борлиги аниқланди. Ўтказилган яна бир тезкор тадбир натижасида ўзини шубҳали тутган Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро О.Д.нинг ёнидан 9 дона “Лирика”, 14 дона “Регапен” номли кучли таъсир этувчи дори воситалари олинди. Шунингдек, Андижон туманида истиқомат қилувчи Т.С.нинг ёни кўздан кечирилганида қўлида бўлган аёллар сумкачасидан 176 та турли хилдаги кучли таъсир этувчи ҳамда 172 дона хирсни уйғотувчи дори воситалари олинди.
Ҳозирда дори воситаларини етказиб бераётган манбаларни аниқлашга қаратилган тезкор-суриштирув тадбирлари давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати