22 Феврал 2020 йил 1287

Андижонда “Тиғ” профилактик тадбирлари доирасида 356 та тиғли предметлар олинди

Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан туман-шаҳарларда ўтказилаётган “Тиғ” профилактик тадбирлари натижасида жорий йилнинг шу кунига қадар 356 та тиғли предметлар олинган. Тадбирлар давомида ушбу тиғли предметлар маиший зарурият учун эмас, бировга жиддий тан жароҳатлари етказиш мумкин бўлган совуқ қурол сифатида сақланганлиги аниқланмоқда. Пичоқлардан ташқари кастет, профессионал ёки хонаки тайёрланган бейсбол биталари ҳам олиб қўйилди.

Тадбирлар давомида ёнидан тиғли жисмлар олинган шахслар эртаси куни оила аъзолари, маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг тиғли предметларни олиб юриш сабаблари бўйича тарбиявий ишлар кучайтирилмоқда. Хусусан, Андижон вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ППХ батальони ходимлари томонидан “Тиғ” профилактик тадбири доирасида 2020 йилнинг шу кунига қадар Андижон шаҳри худудидаги аҳоли гавжум бўлган масканларда, ўқув муассасаларида, кўчаларда хамда корхона-ташкилотларда жами 44 маротаба профилактик тадбирлар ташкил этилди.

Ўтказилаётган бу каби профилактик тадбирлар содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиши билан бирга, бошқа бир шахслар томонидан ҳам тиғли предметларни олиб юриш ҳолатларини камайишига хизмат қилади. 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech