Андижонда “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор-профилактик тадбирлари доирасида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Республикамизда “Президент арчаси” ва “Янги йил” байрами тадбирини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ҳудудларда жамоат тарбини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2020 йил 1 декабрь кунидан бошлаб, республика миқёсида “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Андижон вилоятининг барча ҳудудларида ўтказилаётган махсус тезкор-профилактик тадбирлари доирасида бир қатор салбий ҳолатларнинг олди олинди.
Хусусан, шу йилнинг 2 декабр куни соат 03:30 ларда Бўстон тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари К.Отахонов, Н.Рахмонов, О.Абдулазизов ҳамда туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори Б.Азимжоновлар томонидан ҳамкорликда ўтказилган рейд тадбири давомида Бўстон тумани ҳудудидан ўтувчи А373 автомобил йўлининг "Андижон-Тошкент" йўналишида йўл четида турган 21 ёшли фуқаро Б.С. ҳамда 35 ёшли фуқаро Ж.С.га тегишли иккита "Ласетти" автомобиллари холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Aвтомобилларнинг салон қисми ва юкхонасида 23 ёшли фуқаро С.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган “7SHOTS” номли 67 дона, “Золотой песок” номли 264 дона, “КОРСАР” номли 750 қути (ҳар бир қутида 60 донадан), “9D” номли 11 дона умумий нархи 1100 АКШ долларлик пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, аниқланган пиротехника воситалари чора кўришлик учун туман ИИБга топширилган.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати