“Андижондан мурожаат: 39 бош қўй йўқолган, туман ИИБ ходимлари нега ишни пайсалга солаяпти?” сарлавҳали видеомурожаат юзасидан расмий маълумот
2021 йилнинг 25 май куни ижтимоий тармоқларда “Андижондан мурожаат: 39 бош қўй йўқолган, туман ИИБ ходимлари нега ишни пайсалга солаяпти?” сарлавҳали видеомурожаат жойланди.
Ушбу видеомурожаатда Андижон вилоятида яшовчи чорвадор оила Улуғнор туманидаги фермер хўжалигида 130 бош қўйни боқиб келаётгани бироқ улар уйда бўлмаган пайти 39 бош қўйи йўқолгани, ўғриликни содир этганлар топилгани уларнинг иши эса ҳалигача қонуний ҳал этилмагани оқибатида оиланинг моддий аҳволи ёмонлашгани айтиб ўтилган. Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, 2021 йил 29 март кунидан 03 апрель кунига қадар вақт оралиғида, номаълум шахслар Улуғнор туманидаги “Қудрат” номли фермер хўжалиги дала ер майдонида боқиб келинаётган фуқаро М.М.га тегишли бўлган баҳоси 65.500.000 сўмлик, 41 бош қўйларини ўғирлаган.
Ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, баённома расмийлаштирилган. Кўздан кечириш давомида, ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар олинган.
Ҳолат бўйича 2021 йил 04 апрель куни Улуғнор туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисм “Б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятни 46 ёшлик Э.Ш. ва 26 ёшлик Х.И.лар содир этганлиги аниқланиб, 28 бош қўйлар баённома орқали олинган. 2021 йил 24 апрель куни фуқаро Э.Ш. ва Х.И.лар Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,в,г”бандлари билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда ўғирланган қўйларни аниқлаб топиш юзасидан Улуғнор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати