24 Январ 2025 йил 6756

Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди

Жорий йилнинг 23 январь куни Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида ўтган 2024 йилнинг 12 ойи давомида содир этилган хизмат интизоми ва қонун бузилиши ҳолатлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Муҳокама йиғилишида Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий таҳлил қилинди.

Тадбир давомида, йиғилганлар эътиборига ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимлар тўғрисида таъсирчан видеоролик намойиш этилиб, барча ходимлар ҳар қандай вазиятда ҳам ўз хизмат бурчига виждонан ёндашиши шартлигига алоҳида урғу қаратилди.   

Шунингдек, бир гуруҳ фахрий ходимлар томонидан ҳаётий тажрибалар яқиндан ўртоқлашилиб, ходимлар янада виждонан иш ташкил этиб, халқимизга садоқат билан хизмат қилишлари зарурлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнгида келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олиниб, ўзининг намунали интизоми ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини таъминлашда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech