Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ Андижон вилоятида ўрганиш ишларини бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда Андижон вилоятига бўлган ташрифи жараёнида берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, Миллий гвардия, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ва унинг тузилмалари раҳбарлари, вилоят сектор бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Андижон вилоятида ўз ишини бошлади.
Тадбирдан мақсад вилоят ижтимоий инфратузилма объектларининг созлиги, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминланганлиги, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги, ҳудуддаги маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиётини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш.
Шунингдек ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳаллада шакллантирилган бешликнинг ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилади.
Идоралараро ишчи гуруҳнинг Андижон вилоятидаги фаолияти юзасидан кундалик ахборот бериб борилади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати