Асака туманида ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди
Тинчлик ва осойишталикни халқимиз қанчалик қадрласа, шу неъматлар туфайли хотиржам ва фаровон ҳаёт кечираётган бўлса, уларни асраш, барқарорликни таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадларидандир.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, фуқаролар, эл ва элатлар орасидаги тотувлик сабаб халқимиз эртанги кунга ишонч билан боқмоқда. Бу шубҳасиз, ички ишлар органлари ходимларининг фидойи хизматлари натижаси.
Ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан Асака туманида ички ишлар органларида хизмат қилаётган фидойи ходимлар, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб бугунги кунда кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ фахрийлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этдилар. Туман ҳокими М.Алиханов сўзга чиқиб бугун туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан тезкор-профилактик чора-тадбирлар олиб борилаётгани, бунда ҳар бир ходимнинг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди.
Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда туман ҳудудида олиб борилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган фидойи ходимларнинг бир гуруҳига сана муносабати билан туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Шунингдек тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда ички ишлар органларида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг самарасига тўхталар экан, бу борада айниқса ходимлар ва фахрийларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бугун алоҳида эътиборда эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати