Асакада ўғирлик иссиқ изидан фош этилди
2020 йилнинг 26 апрель кунидан 27 апрель кунига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан Асака тумани, Камолот маҳалласида яшовчи фуқаро Рўзивой Абдумаликовга қарашли “Соатсозлик” савдо дўконидан нархи 6 миллион 521 минг сўмлик қўл соатлари ва аксесуарлар ўғирлаб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 28 апрель куни номаълум шахсга нисбатан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ўғирлик Асака тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Машҳурбек Хакимовнинг сай-ҳаракатлари натижасида иссиқ изидан фош этилди. Ушбу талон-тарожликни Асака туманида яшовчи фуқаролар П.Д, А.А ҳамда С.О.лар содир этганлиги аён бўлди.
Маълум бўлишича ушбу шахслар Рўзивой Абдумаликовнинг савдо дўконидан ўғирлаб кетилган телефон аксессуар буюмларини Асака туманида яшовчи фуқаро У.С.га 200 минг сўм пул эвазига сотиб юборишган. Фуқаро У.С.дан 36 дона уяли телефон мосламасининг корпуслари, 11 дона аккумуляторлари, 51 дона ғилофлари, 58 дона наушниклари, 29 дона қувватлагичлари ҳамда 33 дона USB кабеллари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати