Балиқчи тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 19 июль куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов раислигида Балиқчи тумани ИИБ шахсий таркиби ва уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида, ўзининг жирканч нафси йўлида коррупцион ва бошқа ноқонуний ҳолатларни содир этиб, яқинларини эл-юрт олдида уятга қўйган айрим нопок ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган таъсирчан видеоролик намойиш этилиб, барча огоҳликка чорланди.
Бу каби салбий ҳолатлар содир этилишига йўл қўймаслик ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишласагина кутилган натижаларга эришиш мумкинлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида ички ишлар бўлими шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати таҳлиллар асосида танқидий муҳокама қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Албатта ўтказилаётган бу каби учрашувлар ходимлар ўртасида турли нохуш ҳолатлар содир этилишини барвақт олдини олиб, уларни янада шижоат билан ишлашларига хизмат қилади.
Ҳозирда бу каби хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати