Балиқчи туманида ўтказилган “Зарбдор 10 кун” тезкор-профилактик тадбири муҳокама этилди
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Халқ депутатлари Балиқчи туман Кенгашининг навбатдаги 23-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туман Кенгаши депутатлари, тумандаги секторлар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сиёсий партияларнинг вакиллари, таклиф этилган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессияда 4 та сектор раҳбарларининг жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди. Сессияда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Хусусан, Балиқчи туманида жорий йилнинг 28 октябридан 7 ноябрь кунига қадар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан ўтказилган “Зарбдор 10 кун” тезкор-профилактик тадбири муҳокама этилди.
Балиқчи туманидаги ижтимоий-криминоген вазият ва жиноятчилик таҳлили юзасидан Андижон вилояти ИИБ Ташкилий бошқарма бошлиғи подполковник И.Кетмонов батафсил ахборот бериб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда тумандаги барча ташкилотларнинг ҳамкорлигини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ҳамда жиноятчиликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилган “Зарбдор 10 кун” тезкор-профилактик тадбирлари давомида амалга оширилган ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида бу каби камчиликларнинг олдини олиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати