Бўстон тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 17 июль куни Бўстон туманида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти бошчилигида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбир бошида, йиғилганлар эътиборига турли қинғир ишлар содир этиб, ўз виждонини пулга сотган бир гуруҳ собиқ ходимларнинг аянчли қисматлари акс этган видеоролик намойиш этилиб, бу каби шармандалик ҳолатларини олдини олиш бўйича атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, муҳокама давомида ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий муҳокама қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари ва яна бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.
Ҳозирда бу каби хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати