26 Июн 2025 йил 681

“Ёшлар ойлиги” доирасида Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ёш ходимлар билан учрашув ўтказди

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаров “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ҳамда ИИВ Андижон академик лицей ўқувчилари билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот ўтказди. Шунингдек ёшларнинг таклиф ҳамда мулоҳазаларини тинглади. Бугун юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик боис эртамиз умидлари илм-фан, маданият, спорт соҳасида мамлакатимиз довруғини юқорига кўтариш мақсадида астойдил ҳаракат қилишмоқда. Бу борада уларга ҳар жабҳада елкадош раҳбарлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мулоқот аввалида сўзга чиққан бошқарма бошлиғи айни кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш уларга зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ички ишлар органларида қатор ислоҳот ва ташаббуслар илгари сурилаётгани, ўз навбатида, соҳада касбига фидойи ва садоқатли, юклатилган вазифаларни виждонан бажариб, юксак натижаларга эришган кўплаб ёш ходимлар борлигини таъкидлаб, улар билан фахрланишини билдирди.

Ташкил этилган учрашув ёшлар томонидан билдирилган янги ташаббус ва таклифлар билан янада қизғин ўтди. Айниқса, ёшлар томонидан йўлланган саволларга бошқарма бошлиғи томонидан алоҳида эътибор қаратилди.

Такидлаш ўринлики, айни кунда вилоят ички ишлар оршганларида хизмат қилаётган ходимларнинг 25 фоизини айнан ёшлар ташкил этади ҳамда улар ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор.

Айниқса спорт соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар йил сайин ошиб бормоқда.

Ёш ходимлар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъдодларни кашф этишга қаратилган “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Тўмарис издошлари», “Заковат”, “Ёш китобхон”, “Аждодлар изидан”, “Ҳарбий эстафета” каби турли танлов ва мусобақалар ўтказиб келиниши эса улардаги янги истеъдод ва қобилиятларни кашф қилишда асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Учрашув давомида ана шундай фидоий ва юқори натижаларга эришган ёш ходимлар бошқарма бошлиғининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир якунида ёшларга халқимизга садоқат билан хизмат қилиш олий бурч эканлиги, берилган вазифаларни масъулият ва шараф билан адо этиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз экани таъкидланди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech