“Facebook” ижтимоий тармоғи орқали 2020 йилнинг 21 май куни жойланган видеолавҳа бўйича расмий муносабат
Жорий йилнинг 21 май куни соат 09:10 ларда “Facebook” ижтимоий тармоғида “Обида Расулова” номи билан очилган профил орқали жойланган видеолавҳада акс этган ҳолатлар Андижон вилояти ИИБ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ушбу видеолавҳада, шахсига ойдинлик киритилган 1946 йилда туғилган Расулова Обидахон Махмудовна ва унинг ўғли 1983 йилда туғилган Расулов Баҳодиржон Қодиржоновичлар Андижон шаҳри, Бобур шох кўчасида жойлашган “Digital city” биноси ёнида фуқароларга ҳурматсизлик қилиб, гўёки фарзанди Т.Расуловга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми нотўғри эканлигини маълум қилиб, мутасадди раҳбарларнинг ноқонуний иш олиб бораётганлигини, уларнинг саволларига жавоб беришмаётганлигини, шунинг учун бинонинг ичига киришни айтиб, жанжал кўтарганлар.
Ушбу ҳолат бўйича маълумот учун қуйидагилар маълум қилинадики, О.Расулованинг ўғли, Андижон вилояти Улуғнор тумани “Бобур” МФЙ, Мўжаз кўчаси 18-уйда яшаган, 1975 йилда туғилган фуқаро Расулов Тохиржон Қодирович, 2018 йилнинг 6 январь куни бошқарувидаги “ДАМАС” русумли давлат белгиси 60 S 132 LA бўлган автомашинасини Андижон тумани, Чем маҳалласи ҳудудида бошқариб бораётиб, йўлнинг қатнов қисми ўртасидан ўтган икки сидирғали ётиқ чизиқ устида тўхтаб турган 1956 йилда туғилган фуқаро Сотқиной Сулаймоновани уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Т.Расуловнинг айби барча далиллар ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини топган. 2018 йилнинг 2 апрель куни жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан жиноят иши доирасида тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўргазмалари ва экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (одам ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан ҳамда 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бироқ, фуқаро Т. Расулов суднинг ушбу ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унинг ушбу шикояти жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг апелляция инстанцияси томонидан ўрнатилган тартибда атрофлича кўриб чиқилиб, апелляция инстанциясининг 2018 йил 1 май кунги ажримига асосан биринчи инстанция судининг ҳукми ўз кучида қолдирилган.
Т.Расулов ушбу натижадан қаноатланмасдан, суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилган ва 2018 йилнинг 13 август куни ушбу жиноий иш бўйича Олий суднинг қарори қабул қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган ва ижрога қаратилган.
2019 йилнинг 16 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман суди томонидан инсонпарварлик тамойилларига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 74-моддаси “а” банди татбиқ этилиб, маҳкум Т.Расулов озодликка чиқарилган ва унга 2 йил 11 ой 16 кун муддат ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказиб бориш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Суднинг қароридан келиб чиқиб, фуқаро Т.Расулов жазони ижро этиш муассасасидан озод қилиниб, кейинги белгиланган жазони ўташ учун 2019 йил 24 майда Улуғнор туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобига олинган.
Аммо, Т.Расулов белгиланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб, ўзининг кекса ёшдаги онаси О.Расулова ва укаси Б.Расуловлар билан бирга қонунларни ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини очиқдан-очиқ менсимасдан, суд томонидан тайинланган жазони бир кун ҳам ўтамасдан, мутлақо асоссиз бўлган турли важларни кўрсатиб, ўзини оқлашни сўраб бир қатор давлат идораларига жазони ўтамаслигини баён қилган ҳамда шикоят ва аризалари билан мурожаат қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларидан яширинган. Чекловларни умуман бажармаган.
Улуғнор тумани Пробация гуруҳининг тақдимномасига асосан 2020 йилнинг 20 март куни Жиноят ишлари бўйича Улуғнор тумани суди томонидан қаноатлантирилиб, фуқаро Т.Расуловга нисбатан қидирув эълон қилиш аниқланган жойида ушланиб, қамоққа олиш ҳамда ўталмай қолган 2 йил 11 ой 16 кун аҳлоқ тузатиш ишларини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида, 2020 йилнинг 15 апрель куни қидирувдаги фуқаро Т.Расулов, Андижон шаҳар 3-кичик даҳа ҳудудида ушланиб, Андижон вилояти ИИБ 3-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган ва жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтамоқда.
Эълон қилинган видеороликда фуқаро О.Расулова ва унинг фарзанди Б.Расуловлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари уларнинг саволларига жавоб бермаётганликларини маълум қилган.Аслида, ушбу фуқаролар Андижон вилояти ИИБнинг раҳбарлари ва ўзлари талаб қилган ходимларининг қабулига кирган ҳамда уларга тўлиқ ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Жумладан, жорий йилнинг 3 март куни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Б. Джаббаров, 15 апрель куни бошқарма бошлиғининг ўринбосари М.С. Нишановлар томонидан қабул қилиниб, барча саволларига атрофлича ва тўлиқ тушунтириш берилган.
Аммо, ушбу фуқаролар ўзларига берилаётган тушунтириш ва ҳуқуқий маълумотларни эшитишни ҳам ҳоҳламасдан, ўзлари иштирокидаги ёлғон маълумотлардан иборат бўлган видеолавҳаларни ижтимоий тармоқларга жойлаш билан машғул бўлиб келмоқда.
2020 йилнинг 21 май куни соат 09:10 ларда “Facebook” ижтимоий тармоғида “Обида Расулова” номи билан очилган профил орқали жойланган видеолавҳа ҳам шулар жумласидандир. Шундай бўлсада, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси О.Расулова ва унинг фарзанди Б.Расуловларни қонунларга амал қилишга, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга ва ҳуқуқбузарлик содир этмасликка чақириб қолади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати