Хитойдан “эндоскоп” тиббиёт аппарати олиб келиб беришликни ваъда қилган фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Олтинкўл туманида яшовчи М.Б фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан “эндоскоп” тиббиёт аппарати олиб келиб беришликни ваъда қилиб, Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Х.С.нинг ишончига кирган ва ундан 9.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Аммо М.Б “эндоскоп” аппаратини олиб келиб бермасдан Х.С.дан олинган пуллардан 4.000 АҚШ долларини қайтариб бериб, қолган 5.500 АҚШ долларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу йилнинг 10 июль куни Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро М.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!!!
Сизнинг ишончингиздан айрим шахслар ўз манфаати йўлидан фойдаланиши ва сизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилиши мумкинлигини доимо эътиборга олишингизни сўраймиз. Фирибгарлик жинояти қурбони бўлмаслик учун ўзга шахсларнинг турли ёлғон ваъда ва кафолатларига ишониб қолмаслик, ўз пул маблағингиз ва мулкингизни бошқа шахсларга топширишда ҳар тарафлама чуқур хулоса қилган ҳолда иш кўришингизни, ушбу жиноятдан ҳимояланиш биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг!
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати