Ички ишлар вазири ўринбосари Андижонда сайёр қабул ўтказди
Жорий йилнинг 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков томонидан Андижон вилояти ИИБ биносида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида жами 23 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Мурожаатларнинг 2 таси ички ишлар органларига қайта ишга тиклаш, 1 таси ишга қабул қилиш, 6 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини олиш ҳамда 14 таси бошқа масалаларда келиб тушди.
Ушбу мурожаатларнинг 7 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, яна 7 нафарига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари 9 нафар фуқаронинг аризалари қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида 6 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-карталари тантанали равишда топширилди.
Бу каби халқ билан юзма-юз мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг кенг қатлами ичига кириш, уларнинг муаммоларини тинглаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати