ИИВ Андижон академик лицейида “Биргаликда беллашамиз” мавзусида китобхонлик беллашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобга бўлган қизиқишларини ошириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ИИВ Андижон академик лицейининг ўқувчи-ёшлари ўртасида “Биргаликда беллашамиз” мавзусида китобхонлик беллашуви ўтказилди.
Тадбирда 1-босқич 3-гуруҳнинг “Ёш китобхонлар” жамоаси ҳамда 1-босқич 4-гуруҳнинг “ Китобсевар ёшлар” жамоалари иштирок этдилар. Улар ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этилган адабиётлар рўйхатидаги ноябрь ойи учун эълон қилинган 5 та китоблар яъни, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси” асарлари, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” асари, Кайковуснинг “Қобуснома” асари, Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарлари бўйича беллашдилар. Ҳар иккала жамоа берилган асарлар бўйича ўз таассуротларини ифодалаб бердилар. Ҳар бир асарнинг асосий мазмуни, ижобий ва салбий қаҳрамонлари, асардан олган таассуротлари тўғрисида ўз билимларини намойиш этдилар.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бош инспектори Б.Мирзаева ҳамда бошқалар иштирокчиларнинг фикрларини тўлдириб асарларнинг маъзмун- моҳиятини кенгроқ очиб бердилар. Хусусан, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романи, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” асарлари етарли даражада ўзлаштирилмаганлиги, бундан кейинги китобхонлик тадбирларида фаолроқ бўлишлари кераклиги ва энг асосийси китоб кўп мутолаа қилган инсоннинг маънавияти юксалиши уқтириб ўтилди.
Тадбир ўқувчи-ёшларнинг бадиий-маънавий баркамоллигини оширишда муҳим ўрин эгаллади. Китоб ўқишга бўлган иштиёқларини янада кучайтирди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати