ИИВ Андижон академик лицейида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларига ўқишга номзодларни жалб этиш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимини кадрлар билан таъминлаш асосан республикадаги ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари олий таълим муассасалари битирувчиларидан амалга оширилади.
Ҳусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети ҳамда Ҳуқуқни мухофаза қилиш академияси ва Жамоат хавфсизлиги университети шулар жумласидандир.
Бундан ташқари ички ишлар органларига ҳорижий давлатлар ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари олий таълим муассасаларида ҳам малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Ҳозирда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари томонидан юқоридаги таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг аризаларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштириш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 18 декабрь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейида шаҳар-туман ички ишлар органлари Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспекторлари ҳамда лицей ўқувчилари иштирокида тарғибот-тадбирлари ўтказилди.
Шу ўринда ички ишлар органлари ходими бўлишдек шарафли касбни эгаллаш иштиёқидаги вилоятимиз ёшларини ушбу таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ариза билан шаҳар-туман ички ишлар органлари Кадрлар билан таъминлаш бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати