ИИВ ишчи гуруҳи ҳамда Андижон вилояти ИИБ ташаббуси билан психологик семинар-тренинг ўтказилди
2021 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар Вазирлиги ишчи гуруҳи ҳамда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан "Жиноятчи ва ходим", “Ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида низоли ҳолатларни бартараф этиш” мавзуларида психологик семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирни АДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси Мухтаров Отабек олиб борди. Ўқув машғулотда ходим ва фуқаролар ўртасида муносабатларни тартибга келтиришда фикрий соғломлик, стресс профилактикаси ва зиддиятларга барҳам бериш масалалари бўйича социал психотерапевтик машғулотлар, аутоген тренинглар ўтказилди.
Тренинг жараёнида ходимларни меҳнат фаолиятида ҳуқуқбузарлар, жиноятга мойиллиги бўлган шахслар билан коррекцион суҳбат олиб боришда “Ўнг елка қоидаси”, “Шахсий аура орқали таъсир ўтказиш”, “Очиқ саволлар орқали тафаккур қилишга ўргатиш” каби усулларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари ишлаб чиқилди.
Ўқув машғулотлар давомида қатнашчиларининг мавзуга доир барча саволларига атрофлича жавоблар берилди. Тадбир сўнгида ушбу машғулотларни турдош, долзарб масалаларда давомли ташкил этиш ва амалиёт билан боғлашга келишиб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати