20 Май 2021 йил 494

ИИВ ишчи гуруҳи ташаббуси билан Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ходима аёллар ўртасида “Пазанда ходима аёл” кўрик танлови ўтказилди

2021 йил 19 май куни Андижон вилоятида жойлашган “Боғи Бобур” адирликларида, Андижон вилояти ички ишлар органларида эркаклар билан елкама-елка хизмат қилиб келаётган ходима аёллари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишчи гуруҳи ва Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан “Пазанда ходима аёл” кўрик танлови ўтказилди.

Ушбу кўрик танловда Андижон вилояти ИИБ аппарати ходималаридан ташкил топган “Тўмарислар”, Андижон вилояти ИИО Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходималаридан ташкил топган “Ташаббускор аёллар”,  Андижон вилояти ИИО Канцелярия ходималаридан ташкил топган “Нафосат маликалари” ҳамда Андижон вилояти ИИО спортчи аёлларидан ташкил топган “Спортчи қизлар” жамоалари тўрт нафар ходималар билан иштирок этишди.

Танлов 3 босқичда бўлиб ўтди. Даст аввал, ходима аёлларнинг пазандалик маҳоратлари синовдан ўтказилиб, миллий таом бўлмиш палов тайёрланди. Шундан сўнг, салат тайёрлаш ва стол устини безатиш каби шартлар асосида синовлар бўлиб ўтди.

“Пазанда ходима аёл” кўрик танловда Андижон вилояти ИИО ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходималаридан ташкил топган “Ташаббускор аёллар” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади. Барча иштирокчилар тадбир сўнгида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан қимматбаҳо совғалар, диплом ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.

Кўрик танлов кўтаринки руҳда, куй-қўшиқлар садолари остида бўлиб ўтди.

Ҳозирда Андижон вилояти ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш борасидаги маданий ва маърифий тадбирлар давом эттирилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech