ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Андижонда сайёр қабул ўтказди
Жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник У.Т.Мухамедов томонидан Қўрғонтепа тумани “КНАНТЕКС-Гроуп” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги халқ қабулхонасида барча шаҳар-туманлар аҳолиси учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги мурожаатлар бўйича сайёр қабул ўтказилди.
Қўрғонтепа туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда жами 26 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 18 таси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олиш, 2 таси хорижий фуқаро учун Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб қолиш ҳамда 4 таси ишга жойлаштириш масаласида бўлди. Келиб тушган мурожаатларнинг 18 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 2 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилди ҳамда келгусида ижобий ҳал этилиши учун тегишли идораларга таклифлар киритилиши белгилаб олинди.
Шунингдек, қабул давомида Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланиб, 16 та турли масалалардаги мурожаатлар кўриб чиқилди. Ишга жойлаштириш, кредит олиш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа кўплаб масалалардаги мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Андижон шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги халқ қабулхонасида бўлиб ўтган сайёр қабулда жами 19 та мурожаат келиб тушди. Келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра 13 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш,5 таси хорижий фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб қолиш таснифидаги мурожаатларни ташкил қилди.Ушбу мурожаатлардан 14 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, 4 та мурожаатга ҳуқуқий тушунча берилди.
Ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 45 та мурожаат қилиб тушган бўлиб, шундан 32 таси жойида, 6 таси ҳуқуқий тушунча бериш орқали ҳал этилди. Қолган 7 таси ижрога қаратиш ва ижобий якунлаш учун тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати