Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги ҳуқуқ тартибот масканида ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасида зиддиятли ҳолат тасвирланган видеолавҳалар тарқалмоқда
Ҳолат ўрганилганда маълум бўлишича, жорий йилнинг 13 апрель куни Шаҳрихон тумани ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог майор С.Камолитдинов “Эшонқишлоқ” маҳалласида хизмат олиб бораётган вақтида, мазкур маҳалла ҳудудидан 2004 йилда туғилган фуқаро Ш.Ш. бошқарувидаги “Лабо” русумли автомашина йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, икки нафар 2006 ва 2007 йилда туғилган вояга етмаган болаларни транспортнинг юкхонасида олиб кетаётганлигини кўриб, тўхтатган.
Автомашина ҳайдовчиси болалар юкхонадан тушиб қолиши билан воқеа жойидан яширинган.
Шундан сўнг ҳолатни расмийлаштириш мақсадида майор С.Камолитдинов ва ҳудуд профилактика инспектори капитан Д.Қосимов “Қуруқсой” маҳалласида жойлашган 25-сонли Ҳуқуқ тартибот масканига келиб, вояга етмаган болалар билан суҳбатлашаётганларида, у ерга “Лабо” автомашина ҳайдовчиси Ш.Ш., унинг акаси 1992 йилда туғилган Б.Ш. ва таниши 1992 йилда туғилган Ж.Б.лар келиб, автомашинага нисбатан маъмурий жарима қўлламасликни, автомашинани жарима майдонига жойлаштирилиши гўёки унинг тадбиркорлик фаолиятига зиён етказишини важ қилиб ходимларнинг ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатиб, хизмат олиб бораётган ходимларни ҳақорат қилиб, улар билан жанжал уюштириб, майор С.Камолитдиновга тан жароҳатлари етказишган.
Натижада, тиббий хулосага кўра майор С.Камолитдиновга “Бош юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап елка ички юзаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкариши, милк юмшоқ тўқималарини лат ейиши” ташхиси қўйилиб, фуқаро Б.Ш.да «Бўйин олд қисмида шилинма жароҳати” мавжудлиги аниқланган.
“Лабо” автомашина ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Воқеа иштирокчилари Ш.Ш., Б.Ш. ва Ж.Б.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Андижон вилояти ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати