Ижтимоий тармоқларда “БОСКИНЧИЛИКНИ ГРУППАВОЙ ВАРИЯНТИ. ЖАБР КОРГАН УЛИМДАН КОЛГАН. УРИБ КЕТНАНЛАР ОЗОДЛИКДА” сарлавҳаси остида жойланган видеотасвир бўйича расмий муносабат
2020 йилнинг 26 июнь куни ижтимоий тармоқларда “БОСКИНЧИЛИКНИ ГРУППАВОЙ ВАРИЯНТИ. ЖАБР КОРГАН УЛИМДАН КОЛГАН. УРИБ КЕТНАНЛАР ОЗОДЛИКДА” сарлавҳаси остида видеотасвир тарқалди. Мазкур видеотасвирда акс этган ҳолатлар Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 09 апрель куни соат 15:00 лар чамасида Андижон шаҳри, Садоқат МФЙ, Хабибий кўчасида фуқаро Р.Д қўйларини боқиб юрган пайтда фуқаролар Х.Қ, М.А, М.Б ва Ю.Ж.лар шу маҳалладан ўтиб кетишаётганида, уларнинг ортидан Х.Қ.нинг ити югуриб чиқиб хуриган ҳолатда Р.Д.нинг қўйларини қочиб кетишига сабабчи бўлади. Шу арзимас сабаб туфайли Р.Д. ва юқоридаги шахслар ўзаро жанжаллашиб кетишади. Ушбу жанжални кўрган Р.Д.нинг жияни М.А ва ўғли Р.Ф.лар ушбу жанжалга қўшилишади. Жанжални маҳаллий аҳоли вакиллари ажратишиб, уларни тарқатиб юборишади. Шунга қарамасдан Р.Д.нинг жияни М.А ва ўғли Р.Ф.лар фуқаро Х.Қ ва унинг шериклари нима сабабдан бундай қилишганлигини билиш мақсадида, уларни ортидан маҳаллага тушиб боришади ва “DBIR” савдо дўконининг олдида Қ.Х. билан жанжаллашишади.
Жанжал вақтида Р.Д.нинг жияни М.А ва ўғли Р.Ф.лар хамда ўғлининг бошқа ошналари қўлларидаги таёқ, кастет, биталар билан фуқаро Х.Қ.нинг дуч келган жойларига уришиб дўппослашади.Уларни маҳаллада яшовчи фуқаролар ажратишади. Сўнг Х.Қ ва Р.Д.лар ўзаро келишиб, ярашган ҳолатда воқеа жойидан тарқалишади.
2020 йил 14 апрель куни соат 20:00 лар чамасида Хабибий кўчасида Х.Қ укаси Х.О билан йўлда Р.Д.нинг ўғли Р.Ф ва унинг дўсти Ю.Н.ларнинг йўлини тўсиб, улар билан аввалги ҳолатлар бўйича гап тортишади. Бу ҳолат Р.Д.гача етиб бориб, Х.Қ.ни излашган тушадилар ва уни Андижон шаҳри, Садоқат МФЙда жойлашган “DBIR” савдо дўконида учратишади. Х.Қ.ни ташқарига чақиришиб, Р.Д. унга ўрталаридаги келишмовчиликларни ўзаро келишиб олишган бўлсада нега бундай иш қилаётганликларини гапириб турганида Х.Қ кутилмаганда Р.Д.нинг юз қисмига мушт билан уриб юборади. Шундан сўнг Х.Қ.ни фуқаролар Р.Д бошчилигида келганлар қўлларидаги нарсалар билан дуч келган жойларига уриб, унга соғлиқини бузилишига сабаб бўлган тан жарохати етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 2020 йил 04 май кунги №2136 сонли хулосасига кўра фуқаро Х.Қ соғлиғининг бузилишига 6 кундан кўпроқ, 21 кунгача бузилишига сабаб бўладиган енгил даражадаги тан жарохати олганлиги аён бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича Андижон шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 2020 йил 04 май куни Р.Д, Р.Ф ва М.А ҳамда бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида фуқаро Қ.Х ва онаси Қ.С.лар билан суҳбат ўтказилиб, юқоридаги шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги ва ҳозирда тергов харакатлари олиб борилаётганлиги тушунтирилган.
Шунингдек, тергов давомида фуқаро Р.Д ва М.А.ларнинг яшаш манзилларида ва ёрдамчи хўжалик хонадонларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилган.Уларда темирдан ясалган мосламалар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, фуқаро Қ.Х ўтказилган суд-тиббий экспертизасидан норози бўлганлиги сабабли қўшимча равишда суд-тиббий экспертизаси тайинланган.Р.Д ва бошқалар бир гуруҳ бўлишиб, фуқаро Қ.Х.ни кечаси жамоат жойида ҳеч бир жиддий сабабсиз, фуқароларнинг ажратишларига қарамасдан уриб дўппослашганлиги сабабли 2020 йил 03 июнь куни жиноят иши Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» бандига қайта малакаланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати