6 Апрел 2020 йил 1130

Ижтимоий тармоқларда «ЙПХ ходимига маска тақиш мумкинмасакан»! сарлавҳа остида эълон қилинган мурожаат бўйича расмий муносабат

2020 йилнинг 05 апрель куни ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимига маска тақиш мумкинмасакан»! сарлавҳа остида ходимнинг карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу мурожаатда акс этган ҳолат Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, унда назарда тутилган Андижон вилоят ИИБ ЙҲХБ 1-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ  катта инспектори З.М.га нисбатан хизмат текшируви ўтказилди.

Мазкур ҳолат бўйича шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 16-моддасига кўра, ички ишлар органларининг ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик учун интизом уставига мувофиқ жавобгар бўлиши, қачонки йўл ҳаракати қоидаларини, ов қилиш, балиқ тутиш, балиқ захираларини сақлаш ва божхона қоидаларини бузганликлари учун умумий асосларда маъмурий жавобгар бўлиши кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан, ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра ЙПХ ходими  З.М.нинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганлиги сабабли унга нисбатан интизом уставига мувофиқ, интизомий чора қўлланилди.

Ҳозирги масъулиятли паллада ички ишлар органлари ходимлари ҳам тиббиёт ходимларидан кам бўлмаган ҳолда кеча-ю кундуз меҳнат қилмоқда. Буни халқнинг ўзи кўриб, билиб турибди. Лекин шундай бўлсада, қонун барча учун баробар. Карантин қоидаларини бузишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

  

 

 Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech