“Инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим ва тарбия сифатини ошириш” мавзусида жамоатчилик мулоқоти бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 июнь куни Андижон шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим ва тарбия сифатини ошириш” мавзусида жамоатчилик мулоқоти бўлиб ўтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги кўмаги остида ўтказилган тадбирда маҳаллий бошқарув органлари вакиллари ҳамда ИИБ бошқармалари раҳбарияти, олий таълим муассасаларининг юридик ва фалсафа фанлари докторлари, илмий тадқиқотчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Жамоатчилик мулоқоти республикамиз бўйлаб давом этаётган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида ташкил этилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган.
Жамоатчилик мулоқотида таъкидланишича, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш – фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, миллий ҳуқуқий тизимни тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва малакали юридик кадрларни тайёрлаш бўйича бошланган амалий ишларни давом эттириш муҳим.
Мулоқот иштирокчилари, шунингдек, таълим сифатини ошириш бўйича ҳам фикр алмашди. Шунингдек, мамлакатимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тиклангани, бугунги кунда давлат, нодавлат ва хорижий олий ўқув юртларининг сони ортиб бораётгани ва бу борадаги амалий ишлар натижалари кўриб чиқилди.
Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасидаги бу каби тадбирлар ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, экспертлар, фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун конструктив мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати