Қирғизистон Республикаси Ош области ИИБ бошлиғи ўринбосари бошчилигидаги делегация Андижон вилояти ИИБга амалий ташриф буюрди
2021 йилнинг 27 март куни Андижон вилоятига Қирғизистон Республикаси Ош области ИИБ бошлиғи ўринбосари, милиция полковниги Шадманов Таълантбек, ЙҲХБ бошлиғи милиция полковниги Зикиров Айжигит ҳамда Ош области ИИБ матбуот котиби милиция полковниги Аширбаев Женизбеклар амалий ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Қирғизистон Республикаси вакиллари Андижон вилояти ИИБнинг Навбатчилик хизматини ташкил этиш бўлими, “102” тизими, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўлими, “Шон-шараф” музейи, Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБнинг 6-сон ички ишлар бўлинмаси ҳамда Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Ош области ИИБ ҳамда Андижон вилояти ИИБ ўртасида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора тадбирлар бўйича келишиб олинди.
Унга кўра, ҳамкорликда регионлараро алоқаси мавжуд уюшган гуруҳлар томонидан содир этилаётган гиёҳвандлик воситаларини контрабандаси билан боғлиқ жиноятларни ҳамкорликда аниқлаш, икки давлат билан чегарадош бўлган ҳудудларда топилган шахси номаълум мурдаларни Қирғизистон ҳудудидаги сув ҳавзалари орқали оқиб ўтган бўлиши мумкинлиги юзасидан келгусида уларнинг шахсига аниқлик киритиш, шунингдек, бедарак йўқолган шахсларни ҳамкорликда қидириб топиш, шахсга қарши қаратилган жиноятларга қарши курашиш, муқаддам жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш ҳамда жиноятларни олдини олиш ва унга қарши кураш борасида мунтазам равишда тезкор ахборот алмашунувларини йўлга қўйиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор келишувларга эришилди.
Ташриф сўнгида қўшни давлат вакилларига бир дона мобиль пост ҳамда бир дона “ISUZU” русумли автобус совға қилинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати