9 Ноябр 2020 йил 1009

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Андижон-Шаҳрихон йўлида даҳшатли авария...” номли видеохабар бўйича расмий маълумот

2020 йил 09 ноябрь куни ижтимоий тармоқларга “Андижон-Шаҳрихон йўлида даҳшатли авария...” номли видеохабар жойланди. Ушбу видеохабарда 5 тага яқин автомобиль аварияга учрагани ва ерда одамлар ётганлиги тўғрисида айтиб ўтилган. Мазкур ҳолатга Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ойдинлик киритилди.

Аниқланишича, ушбу ҳолат 2020 йил 09 ноябрь куни соат 15:30ларда Олтинкўл тумани, Қўштепа МФЙ ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А-373-“Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 425 километр қисмида содир бўлган. Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро И.Ш бошқарувидаги “Исузи” русумли  юк автомашинаси ўзи билан бир йўналишда олдинда чап томонга бурилмоқчи бўлиб турган Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро З.Қ бошқарувидаги “Лабо” русумли автомобили билан тўқнашиб кетган.

Ушбу тўқнашув оқибатида “Лабо” автомашинаси қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Р.М бошқарувидаги “Нексия”, Асака туманида яшовчи Т.Ф бошқарувидаги “Дамас” ҳамда  Бўстон туманида яшовчи М.Ш бошқарувидаги “Нексия” автомашиналари билан йўл транспорти ҳодисасини содир этган.

Йўл транспорти ҳодисаси оқибатида “Лабо” автомашина йўловчиси Андижон шаҳрида яшовчи Қ.Ж тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech