21 Июл 2023 йил 474

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеомурожаат юзасидан расмий муносабат

2023 йилнинг 10 июль куни соат 14:30 ларда Қўрғонтепа тумани, Учтегирмон МФЙда яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ғ.дан “102” қисқа рақамига Қорасув шаҳар, Учтегирмон МФЙ яшовчи 1976 йилда туғилган акаси М.Ғ.нинг яшаш хонадонида маст холда жанжал қилаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Мазкур мурожаатга асосан юқоридаги манзилга туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори катта лейтенант Р.Исмоилов етиб бориб, фуқаро М.Ғ.ни тинчлантирмоқчи бўлганда, у профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатган. Келгусида ушбу фуқаро томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш мақсадида профилактика инспектори томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 15 март кунидаги “Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 55-сонли буйруғига асосан махсус восита қўлланилган.

Фуқаро М.Ғ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлар бўйича Қўрғонтепа судига юборилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech