30 Июн 2021 йил 702

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди   

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар билан, бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник А.Имяминов раислигида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Маънавий-маърифий тадбирда бошқарма бошлиғи маслаҳатчиси истеъфодаги подполковник О.Юлдашев, фахрийлар кенгаши раиси истеъфодаги подполковник Т.Рустамов, шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари, ички ишлар органларининг фахрийлари ҳамда 245 нафар ёш ходимлар иштирок этишди.

Тадбирни бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник А.Имяминов кириш сўзи билан очиб, давлат раҳбари томонидан ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, тизимда ёш ходимлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, байрам муносабати билан ёшларга байрам табригини йўллади. Шундан сўнг сўз олган бошқарма бошлиғи маслаҳатчиси  истеъфодаги подполковник О.Юлдашев ички ишлар органларининг машаққатли бироқ шарафли касб эканлиги, ушбу тизимнинг ўтмиши ва бугуни ўртасидаги ўзгаришлар, “Янги Ўзбекистон – учинчи Ренессанс сари”, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” концептуал ғояларининг мазмун-моҳиятини ёшларга яна бир бор тушунтириб берди. Фахрийлар кенгаши раиси истеъфодаги подполковник Т.Рустамов ёш ходимларга ўзининг панд-насиҳатларини билдириб ўтди.

Тадбир якунида жорий йилнинг 24-28 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида ўтказилган республика “Ёшлар форуми”да юқори натижаларга эришиб, фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда хизматда юқори натижаларга эришиб келаётган бир қатор ёш ходимлар вазирлик ҳамда бошқарма бошлиғининг эсдалик совға ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech