Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник М.Исмоилов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари фаолияти ўрганилиб, уларга амалий-услубий ёрдамлар кўрсатилди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа-топшириққа асосан, Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник М.Исмоилов бошчилигидаги ишчи гуруҳи жорий йилнинг 22 июнь кунидан 02 июль кунига қадар ички ишлар органлари пробация бўлинмалари фаолиятини ўрганиш ва амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Андижон вилоятида иш олиб борди.
Ишчи гуруҳи томонидан асосий эътибор, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар Вазири томонидан жорий йилнинг 26 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, пробация назорати остида турган шахсларнинг яшаш шароитини, турмуш тарзини, муаммо ва камчиликларини аниқлаш, қолаверса, уларни иш билан бандлигини таъминлаш орқали турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги тизимли чора-тадбирлар вилоятда нечоғлик амалга оширилганлигини ўрганишга қаратилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятдаги барча шаҳар-туман ички ишлар органлари пробация бўлинмаларида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги «Жиноят ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4006-сон Қарори талаблари иш фаолиятида қай даражада тадбиқ этилаётганлиги, пробация бўлинмалари ходимлари олдига қўйилган вазифаларига нечоғлик масъулият билан ёндошганликлари, шунингдек, вилоят ҳудудида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари марказлашган электрон тизими ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилганлик ҳолати ўрганилди.
Шунингдек, пробация бўлинмалари назорати остида турган шахсларнинг яшаш шароитлари, уларни қийнаётган муаммоалар, яшаш манзиллари ҳамда иш жойига бориб ўрганилиши баробарида, карантин даврида назоратдагилар томонидан жазо ўташ тартиб ва қоидаларига амал қилинаётганлиги ҳам ўрганилмоқда. Назоратдагилар билан ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотлар, профилактик суҳбатлар давомида моддий жиҳатдан қийналган, оиласини моддий таъминлашда муаммоларга дуч келаётган шахсларга кўмак бериш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан 2020 йилнинг 1 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармасида йиғилиш ўтказилиб, унда пробация бўлинмалари фаолиятини ўрганиш ва амалий-услубий ёрдам кўрсатиш натижалари муҳокама қилиниши билан бирга, пробация бўлинмалари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан хизмат мавқеини суистеъмол қилмаслик, ички ишлар органлари номига доғ туширувчи салбий ҳолатларга йўл қўймаслик масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник Маҳамадали Исмоилов ва Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Азат Тасбаев, шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси Пробация бўлими раҳбарияти ҳамда шаҳар-туман ички ишлар органлари пробация гуруҳлари ходимлари иштирок этишди. Эътиборли жиҳати шундаки, очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда вилоят ички ишлар органлари пробация бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилди.
Самимий руҳда ўтказилган мулоқотларда Пробация хизмати бошлиғи полковник Маҳамадали Исмоилов ота-оналарга куюниб мурожаат қилар экан, фарзандини турли ножўя қилмишлардан, эгнидаги хизмат кийимига доғ тушурувчи ҳатти-ҳаракатларидан асрашда, халқ хизматкори деган юксак ва шарафли номни оқлашда бирдек елкадош бўлишга чақирди. Халқимизга, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш олий бахт эканлигини уқтириб ўтди.
Шунингдек, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Азат Тасбаев ҳам йиғилиш қатнашчиларига муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўзининг мулоҳазаларини билдирар экан, ходимни тарбиялаш ва уни тўғри йўлга бошлашда ота-онанинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Йиғилишда, вилоят ички ишлар органлари пробация бўлинмаларида хизмат қилаётган, ўзининг шарафли вазифаларини виждонан бажараётган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, назорат остидаги шахслар билан олиб бориладиган профилактиш ишларни тизимли йўлга қўйган бир қатор ходимлар ва уларнинг ота-оналарига Пробация хизмати бошлиғи полковник Маҳамадали Исмоилов ҳамда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник А.Тасбаевларнинг ташаккурномалари, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди.
Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилган ушбу йиғилиш сўнгида ходимларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати