29 Феврал 2020 йил 1060

Жиноятчиликни олдини олишда Андижон “Намунали ҳудуд” концепцияси бошқа ҳудудларга тадбиқ этилади

Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2019 йил якуни бўйича ахборотини эшитдилар.

Таъкидланганидек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича муайян иш олиб борилди. Ўтган йилда қабул қилинган чоралар натижасида жиноятлар 3139 тага ёки 10,5 фоизга камайишига эришилган. Республикада маҳаллаларнинг 33,7 фоизида ёки 3074 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Вояга етмаганлар (830/656) ва хотин-қизлар (3378/2705) ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари камайган.

Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган самарали тадбирлар натижасида гиёҳвандлик, коррупция ва иқтисодий йўналишларга оид қарийб 4,5 мингта жиноят аниқланган. Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.

Аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган, оилалардаги жанжаллар кўп ҳолларда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларининг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилиши кенг тус олган. 

Бундан ташқари, 2019 йили 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлишига қарамасдан, ИИВнинг бу борадаги ишларни тартибга солувчи буйруғи жорий йил 3 февралда қабул қилинган. Шу туфайли тазйиққа учраган хотин-қизларнинг фақатгина 3 нафарига ҳимоя ордери берилган. 142 та қотилликнинг 70 таси (49,2%) эр-хотинлар ўртасида келиб чиққан низолар сабабли содир этилган.

Мазкур жиноятларнинг аксариятини ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлган бўлса-да, бунга жойлардаги профилактика инспекторлари, тегишли ҳокимлар, сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 5032 нафар аёл жиноят содир этган ва бу жиноятларни содир этиш ҳолатлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида юқорилигича қолган.

Одам савдоси жиноятларининг сони 2012-2019 йиллар давомида олти баробарга камайишига (574-94) эришилган бўлса-да, ушбу даврда болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланмоқда. Ўтган йили республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (11787 та) ёшлар томонидан содир этилган.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Ички ишлар вазирлиги фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан кунлик ахборот алмашинувини қатъий назоратга олиш, шунингдек жиноят содир этишга олиб келадиган сабабларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Республиканинг қатор ҳудудларидаги қатор ижобий тажрибаларни, жумладан жиноятчиликни жиловлаш бўйича Андижоннинг “Намунали ҳудуд” концепциясини, хотин-қизлар билан ишлашнинг Бухоро тажрибасини, ёшлар билан ишлашнинг Фарғона тажрибасини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш зарурлигига урғу берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати

Text to speech