“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида Андижон вилояти ички ишлар органлари фахрийларининг Қўқон шаҳрига саёҳати ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 340-сонли қарорига асосан юртимизда ҳар йили ноябрь ойи – “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилинган.
Шунга асосан тизимдаги фахрийлар кенгашлари, ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда ички ишлар органлари фахрийлари иштирокида уларнинг ички туризм бўйича туристик ва маданий мерос объектлари ҳамда муқаддас қадамжоларга ташрифлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Андижон вилояти ички ишлар органларининг 50 нафар фахрийлари учун Қўқон шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Саёҳат давомида фахрий ходимлар "Худоёрхон ўрдаси" меъморий ёдгорлиги ҳамда "Жомеъ мажмуаси" амалий санъат музейи билан яқиндан танишдилар.
Ташкил қилинган ушбу саёҳат фахрийларда катта таассурот қолдириб, уларни маданий хордиқ чиқаришларига хизмат қилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати