“Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида Андижон шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ўртасида қонунчилик ва хизмат интизоми бўйича йиғилиш ўтказилди
Сўнгги йилларда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, ходимлар билан олиб борилаётган профилактик-тарбиявий тадбирлар, уларни ижтимоий-ҳимоя қилиш, оилавий-маиший муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бир қатор амалий ва ижобий ишлар амалга оширилди.
Аммо, шунга қарамай айрим ходимлар томонидан зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда бефарқликка йўл қўйилиб, ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексининг қоида ва талабларини қўпол равишда бузаётганликлари ҳам айни бор ҳақиқатдир.
Жорий йилнинг 12 апрель куни Ички ишлар Вазири ўринбосари генерал-майор A.И.Икрамов томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юқорида айтиб ўтилган салбий ҳолатларга алоҳида урғу қаратилиб, амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ходимлар томонидан содир этилаётган коррупцион жиноятларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг 12-19 апрель кунлари ички ишлар органларида “Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги” деб эълон қилинди.
Шунга асосан, ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори капитан Ш.М.Тўхтаев ҳамда Андижон вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъул ходимлари томонидан Андижон шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларни олдини олишга қаратилган йиғилиш ўтказилиб, қонунчилик ва хизмат интизоми бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ички ишлар органлари ходимларига коррупцион жиноятларнинг аччиқ қисмати акс эттирилган видеоролик намойиш этилиб, бундай ачинарли ҳолатларга тушиб қолмаслик бўйича огоҳликка чақирилдилар.
Ҳозирда бу каби тушунтириш тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати