Марҳамат тумани ИИБ ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Андижон вилояти ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган режа топшириққа асосан, бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник М.С.Нишанов ва бошқа масъул ходимлар томонидан Марҳамат тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ходимлари ҳамда профилактика(катта) инспекторлари ва уларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашув ўтказилди.
Ўтказилган йиғилиш давомида, сўнгги вақтларда ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий шароитларини яхшилаш учун бир қанча амалга оширилаётган ижобий ишларга қарамасдан, айрим ходимлар томонидан тамагирлик ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги, бунинг оқибатида эса юзага келаётган оғир ва ўта оғир оқибатлар Вазирлик ҳамда бошқарма раҳбариятини қаттиқ ташвишга солаётганлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида барча шахсий таркиб ҳамда уларнинг ота-оналарига тушунтирилди.
Шу сабабли ҳам юқоридаги ҳолатларга йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, профилактика инспекторларининг хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қатъий тартибда таъминлашда ота-оналарнинг хам ролини ошириш зарур эканлиги таъкидланди.
Мазкур учрашувда ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, улар томонидан тамагирликка йўл қўймаслик энг асосий масалалардан бири эканлиги, бу борада ходимларнинг оила аъзолари билан доимий фикрлашиб, муносабат билдириб бориш қайд этилди.
Очиқ мулоқот сўнгида ходимларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишиб, улар ҳам ўз таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати