“Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги” доирасида Шаҳрихон туманида ажрашиш арафасидаги 9 та оила яраштирилди
Оиланинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, халқимизнинг оила билан боғлиқ қадриятларини мазмунан бойитиш, оилаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокими фармойиши билан жорий йилнинг август ойи вилоятда “Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги” деб эълон қилинган. Ойлик доирасида Шаҳрихон туманида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 21 август куни туман ҳокимлиги, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман прокуратураси, ички ишлар ҳамда Мажбурий ижро бюроси туман бўлимлари вакиллари, имом-хатиблар, отинойилар ва маҳаллалар фаоллари иштирокида “Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!” шиори остида сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда тумандаги ажрашиш арафасида турган 15 та оила вакиллари иштирок этди. Шундан 9 та оила яраштирилди. 6 та оилага ярашиш учун маълум муддат берилди. Шу билан бирга, мазкур оилаларнинг уй-жой билан таъминлаш ва бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилиб, муаммоларини ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати