Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича аъзолари Андижон вилояти ИИБда Ички ишлар ҳамда Миллий гвардия органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар
Олий Мажлис қонунчилик палатасининг 2022 йил 26 июлдаги мажлисида депутатлар «Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди.
Қонун лойиҳасида ички ишлар органларининг масъулиятини ошириш, уларнинг хизмат самарадорлигини кучайтириш мақсадида ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки бошлиқ ўринбосарларига қўшимча равишда 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, профилактика инспекторларига қўшимча равишда 10 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш, патруль-пост хизмати ходимларига 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш, Миллий гвардия органлари ходимларига қўшимча равишда 13 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳамда 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати берилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ички ишлар органлари ва Миллий гвардия фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, улар томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини самарали амалга оширишга ҳамда ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида бартараф этишга, инсон ва фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини ишончли кафолатлаш ҳамда ҳудудлардаги криминоген вазиятнинг ижобий томонга ўзгаришига эришишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича аъзоси Каримов Тўлқин Пайзиевич, Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича аъзоси Ашматов Фарҳод Бурхонжоновичлар томонидан вилоят ички ишлар бошқармасида ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг ва Миллий гвардиясининг фаолияти самарадорлигини оширишга, уларнинг жамоат тартибини сақлаш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш борасидаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган эканлиги тўғрисида хулосага келинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати