“Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Марҳамат тумани ИИБ шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 26 июнь куни Марҳамат туманида “Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти бошчилигида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби , уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирок этди.
Тадбир бошида, йиғилганлар эътиборига турли қинғир ишлар содир этиб, ўз виждонини пулга сотган бир гуруҳ собиқ ходимларнинг аянчли қисматлари акс этган видеоролик намойиш этилиб, бу каби шармандалик ҳолатларини олдини олиш бўйича атрофлича сўз юритилди.
Хусусан, бошқарма бошлиғининг маслаҳатчиси Орифжон Юлдашев томонидан ҳаётий тажрибалар яқиндан ўртоқлашилиб, ходимлар янада виждонан иш ташкил этиб, халқимизга садоқат билан хизмат қилишлари зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, муҳокама давомида ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Ҳозирда бу каби хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати